Алишер Файзни мухлисларидан кимдир чиройли табассуми, яна кимдир ширали овози, бошқа бирови юраги миллий руҳда урадиган куй-қўшиқлари учун яхши кўради. Назаримда, журналистлар унинг ижодидан ташқари, уни мазмунли ва яхши суҳбатдош бўла олгани учун ҳам ҳурмат қилишади. Қуйидаги интервью орқали хонанданинг ўзига хос оламига яқиндан назар ташлаймиз ва Алишер Файзнинг очилмаган қирраларини кашф этамиз...
- Алишер, 2011 йилни жуда яхши "кайфият”да бошлаган эдингиз, негадир иккинчи ярмида бу "темп” анча сусайгандай. Бу ўзингизга ҳам сезилдими?
- (Ўйланиб), ҳа, озгина сезилганга ўхшади. Эътибор бериб қарасангиз, ижодимда шундай бир ўзига хос ҳолат бор, бир қарасангиз, кетма-кет қўшиқлар тақдим этиб фаол бўлиб қоламан, бир қарасангиз, жимлик. Менимча, ҳаммада ҳам шундай бўлса керак. Ижод доим ҳам бир хил маромда кетмайди. Ижод ўзи тўлқинга ўхшайди, ҳамиша чайқалиб туради
- Бироқ санъаткорларимиз концерт дастурларини тақдим этгунларича ижодда ҳам, ОАВда ҳам фаол бўлишади. Концерт дастури ўтиб олгач эса...
- А, энди елкангиздан тоғ ағдарилгандан кейин сал чуқур нафас олиб дегандай... хотиржам тортасиз-да! Саволингиз билан боғлиқ қизиқ воқеа эсимга тушди. Янги дастуримизни халққа тақдим қилганимизга энди бир ҳафтача вақт бўлганди. Концертга ташриф буюрган бир танишим билан кўришиб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрашиб, энди концерт таассуротларини сўрайман, деб турсам, "Ҳа, қачон энди янги қўшиқлардан эшитамиз?” деса бўладими? Ноқулай вазиятга тушганимдан "Ҳали концерт чарчоқларини чиқариб улгурмаган бўлсам, бир ҳафта олдин бира тўла янгиларидан эшитиб келдингиз-ку!” деб ҳазил аралаш жавоб бердим. Аммо бундай олиб қарасак, ўша одам ҳам ўзича ҳақ. Чунки мухлислар янги ва яхши қўшиққа доим эҳтиёж сезади. Бунинг устига ҳозир замон, вақт тезлашиб кетган. Янгиликлар тасаввур қилиб бўлмас даражада тез эскираяпти.
- Сўрамоқчи бўлганим, кўплаб хит қўшиқлар муаллифи сифатида, ижодий тажрибангиздан келиб чиқиб, қандай қўшиқлар кўпроқ оммалашишини айта оласизми?
- Қўшиқ ёзиш қийин эмас, аммо унда айтмоқчи бўлган гапингизни топиб, мос куйга солиш қийин. Ана шу нарсаларни топа олсангиз ва бу нафақат сизнинг кўнглингиздаги, балки тингловчи қалбига яқин бўлса, ана ўшанда икки ўртада боғлиқлик ҳосил бўлади. Бу эса ўз-ўзидан қўшиқнинг оммалашишини таъминлайди. Лекин ҳеч қачон буни олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Шахсан менда "хит бўлади”, деб кутган қўшиқларим оммалашмай, аксинча кутмаган қўшиқларим оммалашган.
- Қўшиқларингизнинг неча фоизи шахсий кечинмаларингизни ташкил этади?
- (Маъноли сукутдан кейин жилмайиб), шу саволингизга жавоб бермасам майлими?
- Унда саволни сал бошқача бераман. Шахсий кечинмаларингиз акс этган қўшиқларингиз ижодингизнинг илк даврида кўпроқмиди ёки ҳозирда туйғуларингиз билан кўпроқ ҳисоблашаяпсизми?
- Ҳар доим ҳам ҳисоблашаман. Ижодкор сиз айтган ҳисларни кўнгилдан ҳис қилмай қандай бошқаларга бу туйғуларни етказа олади? Бир мисол: концертлардан бирида йўл ҳаракати тўғрисида қўшиқ куйладим. Шу қўшиқни ёзишда учинчи бандига келганда ҳеч илҳом келмайди, денг. Шунда машинага ўтирдим-да, газни босдим. Тун чоғи бўлгани учун кўчада машиналар кам. Текис йўлга чиқиб, яхшигина тезликда юра бошладим. Машинани бошқариш мушкул бўлиб қолган бир пайтда тўхтадим. Шунда қўшиқнинг учинчи банди муаммосиз ёзилди. Ўша лаҳзаларда инсон кўнглидан нималар кечишини англадим. Қўшиқ юракдан табиий чиқиши учун ҳаётимни хавфга қўйишга ҳам рози бўлдим. Ўшанда ҳаёлимга яхшиям қўшиқ заҳар тўғрисида эмас экан, бўлмаса, ичиб кўришга тўғри келармиди, деган қизиқ бир фикр келди (кулади).
- Шундай дейсиз-у, аммо бир файласуф, "ўлим нималигини тушуниш учун албатта, ўлиб кўриш шарт эмас”, деган экан...
- Ана энди шу мисолингизга мен ҳам бир ривоят келтираман: учта капалак учиб юриб, ёқиб қўйилган шам ёнидан ўтиб қолишибди. Шунда бир-бирига қараб, "нима экан?” деб ҳайрон қолишибди. Ҳеч бири нималигини билмасмиш. Биринчи капалак "ҳозир билиб келаман”, дебди ва шам олдига бориб қайтгач, "жудаям ёруғ нарса экан” деса, иккинчиси шамга янаям яқин бориб, "жуда ёруғ ва иссиқ нарса экан” дебди. Учинчи капалак "мен охиригача билиб келаман” деб шам томон учибди, лекин... Айнан шу капалак унинг нималигини аниқ билган бўлса-да, бу ҳақиқатни у ўзи билан олиб кетибди. Шу боис юқоридаги афоризмга қўшилмайман.
- Майли, баҳонада бироз лирик чекиниш қилиб олдик. Айтинг-чи, яхши ижод қилиш "формула”си сизда қандай? Одатда, ижодкорлар тушкунликда, қайғуда яхши асарлар яратишади.
- Мен ҳам "оч қоринда мия яхши ишлайди”, деб эшитганман (кулгу кўтарилди). Ҳазиллашаётганим йўқ, буни фан ҳам тасдиқлаган экан. Лекин менда ҳар хил, гоҳида тушкунликда, гоҳида қаттиқ хурсандчиликда яхши ижод қиламан. Асосийси, таъсирланиш бўлиши керак. Таъсирланмай қолишдан қўрқаман.
- Қўрқув ҳақида бир саволим бор эди, ўзингизга қайси саволни беришдан қўрқасиз ва қўрқмайсиз?
- (Узоқ ўйланиб), бундай саволлар бор, аммо... Савол ҳам, жавоб ҳам ўзимга тегишли бўлгани учун буни очиқ айтишим шарт эмас.
- Шахсий чегараларингиз жуда мустаҳкам, оилангизни-ку умуман гапирмайсиз, кўрсатмайсиз (Хонанданинг уй-офисига кириб келганимда ўғилчаси ва ширингина қизалоғи ўша ерда экан. Аммо санъаткоримиз ҳатто уларни расмга олишимга ҳам рухсат бермади)...
- Дейлик, чиройли олмосингиз бор, уни ҳаммага кўрсатиб олиб юрмайсиз-ку! Авайлайсиз, ҳар хил кўзлардан асрайсиз. Мен учун оила – ана шу олмосдан ҳам қадрли, қимматлироқ қўрғон. Қолаверса, мен фарзандларим ҳамма болалар қатори улғайишини истайман. Бугун бир газетада, эртага бошқасида чиқиб турса, бу ҳолат боланинг онгига, тарбиясига таъсирини ўтказиши турган гап.
- Санъат сизга машҳурлик, халқ эътибори, севимли бўлишдай имкониятлардан ташқари кўпчилик билмайдиган яна қандай имконяитни берган?
- Аксарият ҳолларда аёл киши бирон нимадандир тушкунликка тушса, йиғлаб кўнглини бўшатиб олади. Аммо эркак киши бундай қилолмайди. Санъаткор эркакларда юракни дарддан енгиллатишнинг бошқа имкони — куйлаб, ижод қилиб юрагини бўшатиш.
- Кайфиятингиз бўлмаганда буни бировларга дарров сездириб қўядиган инсонлар сирасига кирасизми ё бўлмаса, унча-бунчага билдирмайдиган даражада артистлик қобилиятингиз борми?
- Йўқ, ҳали у даражада артистлик қобилиятини ўзлаштирмаган эканман. Буни шу йилги концерт дастуримда пайқадим. Концертдан бир неча кун олдин кутилмаганда биз набираларни вояга етказган бувимиз оламдан ўтди. У кишига атаб концертда қўшиқ куйламоқчи бўлдим. Лекин бу қўшиқдан кейин концертни яна давом эттириб кета олишимга ишонмаганим учун бу ишга қўл урмадим. Балки сиз айтган қобилият менда етарли бўлганда иккиланиб ўтирмасдим.
- Ҳамкасбларингизнинг ижодини ҳар доим кузатиб борасизми?
- Албатта! Яхши қўшиқ ижро этиш учун биринчи навбатда яхши қўшиқ эшитиш керак.
- Бошқа санъаткорларнинг қўшиқларини эшитганда, оддий мухлис бўлиб эштасизми ёки санъаткор сифатида тинглайсизми?
- Эллика эллик: ярим санъаткор, ярим мухлис бўлиб эшитаман. Бироқ қўшиқни оддий тингловчи бўлиб тинглаш осонроқ. Чунки санъаткор сифатида қарасангиз, ўша қўшиқ ё клипни тайёрлаб, тақдим этилгунча кетган меҳнатни тасаввур қилиб чалғиб кетади, киши. Лекин менимча, санъаткор бўлиб томоша қилишнинг бир тарафи бор. ТВда бирон хонанданинг клипини кўраётган бўлсам, у тугамасдан туриб, бошқа телеканалга олмайман. Ҳозир ҳамма телевизорлар пультли, кўраётганимиз ёқмаса, шартта бошқасига оламиз. Ўша ижодкорнинг шунча меҳнати, харажати пультни битта тугмасини босиш билан бир пул бўлади. Шуни билганим учун агар у қадар зўр қўшиқ ёки клип бўлмаса ҳам тугамагунча бошқа каналга олмай тураман.
- Ҳамкасбларингиз орасида сиз уларнинг камчиликларини бемалол юзига айта оладиган ёки уларни сизнинг хатоларингизни кўрсатиб турадиганлари борми?
- Нимага бўлмас экан, бор! Кўришганимизда, бир даврада ўтириб қолганимизда дилимиздагини айтамиз. Масалан, менинг камчиликларимни тортинмай ўзимга гапирган одамга мен ҳам унинг камчиликларини гапираман. Буни "сен менинг айбимни топдинг, мен ҳам хатоингини топаман” деган маънода тушуниш керак эмас. Бир-биримизни яқин олганимиз учун ҳам муносабатларимизни самимий билдирамиз. Аммо кўпинча ёш хонандаларга ўзимга камчиликдай кўринган томонларини айтишга истиҳола қиламан. Сабаби, ҳали ўзимда ҳам бундай хатоларни кўплаб топиш мумкин бўлгани учун уларнинг назарида "катталик” қилгандай бўлиб туюлмасин, дейман.
- Актёрлик маҳоратингизни клипларингизда кўрамиз, кино соҳасида ўзингизни синаб кўриш ҳақида ўйламаганмисиз? Ё қизиқмайсизми?
- Кинога қизиқаман ва бу санъатни қаттиқ ҳурмат қиламан. Айнан шу боис ҳам бу соҳага аралашиш ниятим йўқ...
|